Жиззахда итни тириклайин ёқиб юборган Хитой фуқароси жавобгарликка тортилди

Ижтимоий тармоқларда Жиззахдаги семент заводида махсус кийим кийган эркак итни тириклайин ёқиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати воқеа юзасидан изоҳ берди.

Зафаробод тумани ИИБ томонидан ўтказилган суриштирув давомида маълум бўлишича, итни тириклайин ёқиб юборган шахс Зафаробод туманидаги “Huaxin” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида механик бўлиб ишловчи хитойлик Ман Минг экан.

Қайд этилишича, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Ман Минг билан боғлиқ вазият юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида (Ҳайвонларга нисбатан зўравонлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баённома тузилган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган семент заводида хитойлик ишчилар эшак сўйиб еб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Кейин туман ҳокимлиги ахборот хизмати воқеа Китоб туманида бўлмаганини маълум қилди.