Ўзбекистон ТИВга электрон визалар бериш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилди.
«Электрон виза тизимидаги профилактика ишлари муносабати билан 2021 йил 6 сентябрдан электрон визалар бериш вақтинча тўхтатилди», — дейилади хабарда.
Электрон виза Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилган хорижий давлатлар фуқароларига берилади. Бу сайёҳлик мақсадида республикага ташриф буюрмоқчи бўлган чет эл фуқароларига берилади.
Чет эл фуқароси электрон визани расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси электрон визасининг расмий порталига Ўзбекистон Республикасига келишининг режалаштирилган санасидан камида уч иш куни олдин мурожаат қилиши керак. Электрон виза олиш учун аризани кўриб чиқиш, ариза берилган санани ҳисобга олмаганда, икки иш куни ичида амалга оширилади.
Электрон виза республикага 30 кунгача бўлган битта кириш учун берилади.
Виза рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 90 кун ичида Ўзбекистонга кириш учун амал қилади.