Ўзбекистонда туберкулезга қарши янги дори яратилди

Ўзбекистонда туберкулезга қарши янги “Биомайрин 600 мг” препарати яратилди.

Бу ҳақда Фанлар академияси хабар бермоқда.

Препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва туберкулезга қарши препаратлар — изониазид, этамбутол ва рифампицин асосида яратилган.

«Ушбу препаратнинг афзаллиги шундаки, у макромолекуляр хусусиятга эга ва силга қарши дорилар билан кимёвий боғланган. Натижада дори воситаларининг ножўя таъсири бир неча баробар камайди, организмда таъсир қилиш муддати ошган», — деб Фанлар академияси қайд этди.

Препарат патоген ҳужайраларга мақсадли таъсир кўрсатади, силнинг турли штаммларига қарши юқори фаолликка эга.

Айни пайтда янги дори воситасини ишлаб чиқаришни тижоратлаштириш ишлари олиб борилмоқда.