Чехия ҳукумати фуқароларнинг айрим тоифалари учун COVID-19 вакцинасини мажбурий қилиш ниятидан воз кечишга қарор қилди.
Бу ҳақда Чехия бош вазири Петр Фиала маълум қилди, деб ёзади ABC News.
Эслатиб ўтамиз, Чехиянинг аввалги ҳукумати март ойидан бошлаб мамлакатнинг 60 ёшдан ошган барча аҳолиси, шунингдек, шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўт ўчирувчилар ва тиббиёт факултети талабалари учун коронавирусга қарши эмлашни мажбурий қилишни режалаштирган эди.
Шу муносабат билан Прага ва Чехиянинг бошқа шаҳарларида қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
Мамлакатда аҳолининг атиги 62,9% COVID-19 га қарши тўлиқ эмланган, бу Европа ўртача кўрсаткичидан паст.
Аввалроқ Чехия фуқароси карантин қоидаларини бузгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги хабар қилинганди.