ЖССТ маймунчечак касаллиги ҳақидаги маълумотларни янгилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 та ендемик бўлмаган мамлакатларда маймунчечакнинг 92 та тасдиқланган ҳолати ва 28 та шубҳали ҳолат ҳақида хабар берган. Бу ҳақда 21-май, шанба куни ЖССТ матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, инфекция билан касалланганларнинг маймунчечак эндемик бўлган ҳудудларга саёҳати ўртасида алоқа ўрнатилмаган, бу «жуда ноодатий ҳодиса».

«Ҳозирда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, ушбу ҳолатларнинг аксарияти бирламчи тиббий ёрдам ва жинсий саломатлик клиникаларига мурожаат қилган эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар орасида», — дейилади хабарда.

Португалияда олинган биологик намунадаги геном кетма-кетлиги инфекция Нигериядан Буюк Британия, Исроил ва Сингапурга олиб келинган 2018 ва 2019 йиллардаги инфекциялар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади.