Марғилонда 62 ёшли эркак ўлдирилди

Ўзбекистонда кекса одамни ўлдирганликда гумон қилинаётган 37 ёшли эркак қўлга олинди.

ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Марғилон шаҳридаги Пичоқчи маҳалласидаги қурилиши тугалланмаган уйнинг ертўласидан танасида тан жароҳатлари бўлган 1960-йилда туғилган эркакнинг жасади топилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноятни содир этишда гумон қилиниб, Фарғона шаҳрида яшовчи 1985-йилда туғилган фуқаро қўлга олинди.

Тергов жараёнида гумонланувчи ва жабрланувчи бир-бирини аввалдан таниганлиги маълум бўлди. Спиртли ичимликлар истеъмол қилган эркаклар ўртасида жанжал келиб чиқиб, улар бир-бирларига тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.