Сурхондарё аҳолисини тоза сув билан таъминлаш учун 400 километр магистрал қувурлар ётқизилади

Сурхондарё вилоятида бугунги кунда аҳолининг 60 фоиздан камроғи марказлаштирилган ичимлик сувидан фойдалана олади.

Бу муаммо кечаги вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаси тақдимотида муҳокама қилинди, деб ёзади президент матбуот хизмати.

Ўтган йили Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тўпаланг сув омборидан сув қувури тортиш бўйича ташаббус кўрсатилди. Ҳозирда бу ишлар давом эттирилиб, 47 километр қувур ётқизилди. Сариёси тумани марказига ичимлик суви етказиб берила бошланди. Йил охиригача сув қувурини Денов ва Шўрчин туманларига олиб келиш режалаштирилган.

Қарийб 400 километр магистрал қувурларни ётқизиш, кунига 200 минг куб метр сувни тозалаш иншоотини қуриш режалаштирилган. Бунинг натижасида сурхондарёликларнинг 90 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Президентимиз туман ва маҳаллалар ичидаги сув тармоқларини тиклаш, янги тармоқларни барпо этиш, уларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.