Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби УТC саммити дастури ҳақида гапирди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Самарқанд саммитининг режалаштирилган дастури ҳақида гапирди.

11 ноябрь куни Туркманистон Халқ Маслаҳати Миллий Генгеш раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кузатувчи сифатида келиши режалаштирилган.

Бугун тунда делегациялар раҳбарлари Самарқанд шаҳридаги «Абадий шаҳар» мажмуасига ташриф буюришади. Меҳмонларга УТC га аъзо мамлакатлар миллий фолклор санъати вакиллари иштирокидаги консерт дастури тақдим этилади.

Эртага Конгресс марказида Самарқанд саммитининг асосий тадбири – Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, унинг якунлари бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Самарқанд декларацияси қабул қилинади, унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб қўйилади.

Саммит якунига кўра, келаси йили ташкилотга раислик Туркиядан Ўзбекистонга ўтади.