Ўзбекистон раҳбари Санкт-Петербургга йўл олди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга жўнаб кетди.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ Ҳамдўстлик Ижроия қўмитаси раиси, Ижрочи котиби Сергей Лебедев етакчиларнинг таклифини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги алоқаларнинг фаоллашгани «МДҲ мамлакатлари ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганининг энг ёрқин кўрсаткичидир».

«Бир ой ҳам бўлмадики, давлат раҳбарларимиз учрашганига ёки ўзаро мулоқот қилганига», деди у ўшанда.

Ҳамдўстлик мамлакатлари раҳбарлари 26-27 декабр кунлари учрашади. Бу МДҲ давлатлари раҳбарларининг жорий йилдаги иккинчи норасмий саммити бўлади.