Тармоқдан маълум бўлишича, «Crafers» қандолат фабрикаси ишчиларига маош тўланмайди ва қўполлик қилади.
Завод ишчилари завод маъмурияти иш ҳақи тўламаётганини маълум қилди.
«Маош ҳақида гапирганда, улар қўполлик қиладилар ва ишдан бўшатишимиз мумкин, дейишади. Наврўз байрамига пулсиз қолдик. Рамазон ойида ҳам уйга хеч нима харид қила олмадик. Фақат кредити борларга нақд пул берамиз, дейишади. Биз 12 соат танаффуссиз ишлаймиз, савдо давом этмоқда, лекин нега ойлик йўқ? Барча йўналишдаги ходимлар иш ҳақи ололмаяптилар. Ушбу муаммоларни ҳал этишда ёрдам беришингизни сўраймиз», — дейилади мурожаатда.
Кейинроқ Меҳнат вазирлиги Тошкент шаҳар давлат меҳнат инспекцияси ходимлари юқоридаги мурожаатни ўргангани ҳақида хабар берди.
Уларга кўра, «Crafers» қандолат фабрикасининг барча ходимларига 923 миллион сўм иш ҳақи тўланган.
«1066-сонли тўлов топшириқномаси асосида корхона ходимларига 923 036 799,03 сўм иш ҳақи тўланиши таъминланди. Ҳозирда ташкилотнинг ходимлардан иш ҳақи бўйича қарзи йўқ», — дейди улар.
Меҳнат вазирлиги вакиллари ҳам бу ҳолатда меҳнат қонунчилиги талаблари бузилиши аниқланмаганини таъкидлади.