Дунёда COVID-19 дан вафот этганлар сони деярли 90 фоизга камайди

Феврал ойидан бери коронавирус ўлими 90% га камайди, аммо COVID-19 нинг янги штаммлари пайдо бўлишда давом этмоқда ва бу аҳолини хавф остига қўяди.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адан Гебреесус маълум қилди.

«Ўтган ҳафтада ЖССТга COVID-19 дан салкам 9,4 мингдан ортиқ ўлим ҳақида хабар берилди, бу жорий йилнинг феврал ойига нисбатан қарийб 90 фоизга кам, ўшанда ҳафтасига ўлимлар сони 75 мингдан ошди», деди Гебреесус.

Гебреесуснинг сўзларига кўра, коронавирусдан ўлимнинг бундай камайиши оптимизм учун сабабдир.

Шу билан бирга, ЖССТ раҳбари эмлашда қолган бўшлиқлар ва коронавируснинг янги штаммлари тарқалишининг давом этаётгани ташвиш туғдираётганини таъкидлади.

«Вакцинациядаги бўшлиқлар сезиларли бўлиб қолмоқда ва янги вариантларнинг кўпайиши ташвиш уйғотмоқда», деди ЖССТ директори. У, шунингдек, барчани яна коронавирусга қарши эмлашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси 2020-йилнинг март ойида эълон қилинган эди. Пандемия сабабли давлатлар ўртасидаги чегаралар узоқ муддатга ёпилди, бу эса дунёдаги иқтисодий вазиятни янада оғирлаштирди.