Швейцария ҳукумати янги «Омикрон» штамми тарқалиши муносабати билан 2022-йил январ ойи охиригача карантин чекловларини кучайтиришга қарор қилди.
Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
6 декабрдан бошлаб аҳоли ёпиқ жойларда ниқоб тақишга мажбур бўлади. Ҳукумат, шунингдек, одамларни уйдан ишлашга чақиришни кучайтирди.
Ва фақат эмланган ёки тузалганларга тадбирлар ва жамоат жойларига киришга рухсат берилади.
Бундай чоралар 6 декабрдан кучга киради ва 24 январгача амал қилади.
«Федерал кенгаш ҳозир вазиятни ўта танқидий деб баҳоламоқда. «Омикрон» вариантининг пайдо бўлиши янги муаммоларни келтириб чиқармоқда», — дейилади ҳукумат баёнотида.
Федерал Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, Швейцарияда «Омикрон» вариантининг учта ҳолати аллақачон тасдиқланган.