Ўзбекистон давлат идоралари делегациясининг январ ойида Қатарга ташрифи чоғида Ўзбекистон парламенти вакилларининг GOPAC (Коррупцияга қарши парламент аъзоларининг глобал ташкилоти)га кириши мумкинлиги масаласи расман кўтарилган эди.
Улар орасида Олий Мадлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров ва шу қўмита раисининг ўринбосари Шуҳрат Чуллиев ҳам бор эди, деб хабар беради Сенат матбуот хизмати.
Ушбу глобал ташкилотнинг асосий мақсади амалдаги ва собиқ парламент аъзолари, ҳукумат аъзолари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда давлат бошқарувида ҳалолликнинг юқори стандартларини ўрнатиш, коррупцияга қарши курашишга кўмаклашиш, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашдан иборат.
GOPAC 2002 йил октябр ойида Канаданинг Оттава шаҳрида коррупция ва бошқарувни яхшилаш масалаларини муҳокама қилиш учун 170 дан ортиқ парламент аъзолари ва 400 дан ортиқ кузатувчиларни бирлаштирган Глобал конференциядан сўнг ташкил этилган.
GOPAC ҳозирда Африка, Араб минтақаси, Океания, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкасидаги 5 та минтақавий бўлим ва 70 та миллий бўлимни ўз ичига олган 1400 аъзога эга.
Эндиликда Ўзбекистон парламенти вакиллари ҳам ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлди.