Яманда БМТ ходимлари ўғирлаб кетилди

Яман жанубида “Ал-Қоида” жангарилари жаҳон ташкилотининг беш нафар вакилини ўғирлаб кетишди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик тасдиқлади.

“Биз бу ҳолатдан хабардормиз, аммо маълум сабабларга кўра изоҳ бермоқчи эмасмиз”, деди у тафсилотларни айтмасдан.

Аввалроқ ОАВ Яман расмийларига таяниб, “Ал-Қоида” билан алоқадаликда гумон қилинган жангарилар Яман жанубида БМТнинг беш нафар ходимини ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берган эди.

Улар жума куни кечқурун Абян вилоятида қўлга олинган ва номаълум томонга олиб кетилган. Ўғирланганлар орасида тўрт нафар яманлик ва бир нафар хорижлик бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ямандаги гуманитар координатори матбуот котиби Рассел Гики “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уларни озод қилиш учун расмийлар билан яқин алоқада”, деди.