Полша Украинага топширган электр жиҳозларининг дастлабки икки партияси етти вилоятга тарқатилди.
Полша украиналик энергетикларга электр жиҳозлари билан 20 та вагонни топширди. Бу ҳақда 19-май куни Украина Энергетика вазирлиги маълум қилди.
“Полша электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш ассоциацияси кўмагида Полша компаниялари томонидан ўтказилган электр жиҳозлари, электр узатиш миноралари, трансформаторлар, генераторлар, электр кабеллари Украинанинг етти вилоятига ўтказилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Полша компаниялари ёрдамининг дастлабки икки партияси аллақачон тақсимланган ва Киев, Одесса, Запороже, Луганск, Чернигов, Николаев ва Суми вилоятларидаги тарқатиш тизими операторларига ўтказилган. Учинчи партия тарқатиш ва ҳудудларга ўтказишни кутмоқда.
Энергетика вазири Ҳерман Галушченконинг сўзларига кўра, олинган ускуналар, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар натижасида энг коʻп зарар кўрган электр тармоқлари ва электр иншоотларини тиклаш учун фойдаланилади.
Ҳаммаси бўлиб Полша компаниялари ёрдами 12,5 минг бирликдан ортиқни ташкил этди. Бу ускуналар, жумладан, линия арматуралари, қувват трансформаторлари, захира қувват генераторлари, электр узатиш линиялари учун 400 дан ортиқ темир-бетон устунлар, шунингдек, 65 км ва 7,3 тоннадан ортиқ электр кабели ва симлар.