Афғонистон Президентининг июл ойида Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган

Афғонистон оммавий ахборот воситалари Президент Ашраф Ғанининг Тошкентга режалаштирилган ташрифи ҳақида хабар тарқатди. Ташриф «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғланиш. Муаммо ва имкониятлар» номи остида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги конференцияда иштирок этишга қаратилган.

Хабар қилинишича, конференция 15-16 июл кунлари бўлиб ўтади. Конференция давомида Афғонистондаги вазият муҳокама қилинади.

Конференция Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилади.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 1-июл куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув чоғида уни ушбу конференцияда иштирок этишга таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.