Метеорологларнинг маълумотларига кўра, қишга чек қўйиб, баҳорни қарши оладиган келгуси иш ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ўзгариб туради.
Жума кунигача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари, республиканинг аксарият ҳудудларида ёмғир ва қор шаклида ёғингарчилик кутилади. Бугун фақат Бухоро ва Навоий вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди.
Ёғингарчилик билан бирга паст ҳароратлар сақланиб қолади: меъёрдан 2-5 даража паст. Кечаси ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда (шимолдан ташқари) 0-5 даража совуқ, республика шимолида эса кечаси 5-10 даража совуқ бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кундузи 2 дан 7 даражагача илиқ бўлади.
Шарқдан 7-12 м/с тезликда шамол эсади. Мамлакатнинг айрим жойларида туман тушиши мумкин. Тоғли ҳудудларда қор ёғиши, қор кўчкиси хавфи ортади.
Тошкент шаҳрида бугун, 26-феврал куни куннинг биринчи ярмида ёмғир ёки қор шаклида бироз ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Худди шундай ёғингарчилик 28 феврал ва 1 март кунлари ҳам бўлиши кутилмоқда. Қолган кунларда пойтахтда барқарор, ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.
Тошкентда ҳаво ҳарорати ҳафта давомида кечаси 1-4 даража совуқ, кундузи 3-6 даража илиқ бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шарқдан 5-10 м/с тезликда шамол эсади.