Ўзбекистонда совуқдан кейин сел ва сув тошқинлари кутилмоқда

Пойтахтимизда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида сел, тошқин ва кўчкилар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, жорий ҳафтадан бошлаб мамлакатда ҳаво ҳарорати кундузи ўн даражагача, кечаси эса уч даражагача кўтарилади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 2-7 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши қор ва музларнинг эришини тезлаштиради, кўчки ва тошқинлар эҳтимолини оширади.

Йиғилишда ҳудудлардаги мавжуд ҳолат атрофлича таҳлил этилиб, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра мамлакатимизда сел, тошқин ва кўчкилар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилган бўлиб, сув тошқинларига қарши курашиш бўйича Ҳукумат ва ҳудудий комиссиялар ҳам тузилди.