Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида Қизил китобга киритилган ҳайвонларни отган браконерларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бу ҳақда Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
12-декабр, шанба куни соат 14:00 атрофида экология инспекторлари тумандаги чўл ҳудудида УАЗ-469 русумли автомашина ёнида бир неча номаълум шахслар турганини пайқаб қолишган. Қўмита ходимларини кўриб, дарҳол чиқиб кетишди. Инспекторлар уларни та’қиб қилишган, бироқ номаълум шахс 5 км дан кейин қочишга муваффақ бўлган, дейилади хабарда.
14 жайрон ва 5 ёввойи қуён браконерлар қурбонига айланди.
Воқеа жойини кўздан кечириш чоғида инспекторлар томонидан патрон, идиш-товоқ, пичоқ, болта, ёқилғи ва кийим-кечак, шунингдек, Қизил китобга киритилган жайрон ва ёввойи қуёнларнинг жасадлари аниқланган.
Воқеа юзасидан баённомалар расмийлаштирилиб, фотосуратлар ва видеоёзувлар олинди. Воқеа юзасидан тергов-тезкор текширувини ўтказаётган Оролбўйи экология прокуратурасига хабар берилди.
Кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилганидек, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 190,5 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми (ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.