Синоптиклар: Ўзбекистонда кучли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда

Бугун, 10-март куни синоптиклар Ўзбекистонда об-ҳаво ўзгариши ҳақида иккита фавқулодда хабар эълон қилди.

Уларга кўра, 10-16 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий жанубдан иссиқ ва нам ҳаво кириб келиши, кейин эса Кавказ минтақаларидан нисбатан совуқ ҳаво массасининг кириб келиши кутилмоқда.

Хусусан, 11—16-март кунлари республиканинг аксарият ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин:

11-март куни Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, жойларда кучли ёмғир ёғади;
12-март куни Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кучли ёмғир ёғади, жойларда кучли ёмғир ёғади;
13-март куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, жойларда кучли ёмғир ёғади;
14-март куни Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида, жойларда кучли ёмғир ёғади;
15—16-март кунлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида кучли ёмғир ёғади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), баъзан кучли бўлади.

Бундан ташқари, 10—16-март кунлари республиканинг айрим ҳудудларида шамол кучайиши кутилмоқда:

10-март ва 13-16-март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 17-22 м/с гача;
11-12-март ва 15-16-март кунлари Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 17-22 м/с гача кучайиши, момақалдироқ пайтида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

“Ўзгидромет” шунингдек, 11-13 март кунлари А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йулининг Қамчиқ довони ҳудудида вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик бўлиши, туман тушиши, кўриш масофаси 50 м гача ёмонлашиши, шамолнинг 20 м гача кучайиши кутилмоқда. Йулда қор кўтарилиши мумкин.