Ўтган йили 7 миллион истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган

2021-йилда Ўзбекистонда 7 миллионга яқин истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган, уларга 150 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Азам Қурбонов маълум қилди.

2021-йил давомида Агентликка истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан 26 249 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 81% қаноатлантирилиб, уларнинг муаллифларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Масалан, август-декабр ойларида Агентликка жойларда коммунал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича истеъмолчилардан 3960 та мурожаат келиб тушган. Шу билан бирга, муаммоларнинг 59,7% жойида ҳал этилган, 38% га ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Истеъмолчиларнинг мурожаатлари, Агентлик иш режаси ва бошқа бўлимлар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида 826 та ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди. Бу борадаги ишлар жараёнида истеъмолчилардан 127 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилгани маълум бўлди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун 337 та субъект жиноий жавобгарликка тортилди. Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан уларга кўрсатмалар берилди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган 44 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган, 32 нафар шахсга нисбатан жами 12,4 миллион сўм миқдорида жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўлланилган.