Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 25-октабр куни Россиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кузатувчилари делегацияси раҳбари Леонид Калашниковни қабул қилди.
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси қўмитаси раиси Леонид Калашников Ўзбекистон раҳбарини Президент сайловидаги ишончли ғалаба ва сайлов кампанияси муваффақиятли ўтгани билан қизғин табриклади.
Сайлов жараёнларини илғор халқаро тажриба ва стандартларга мувофиқ тайёрлаш ва ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар юксак баҳоланди, деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўрнатилган яқин ва самарали парламентлараро мулоқотдан мамнунлик билдирилди.
Улар савдо, сармоя, таълим, сайёҳлик ва маданият соҳаларида, шунингдек, МДҲ ҳудудидаги минтақавий ташкилотлар доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта имкониятларни қайд этдилар.