Бугун, 6 декабр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровни туғилган куни билан табриклади.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида Бишкекка бўлажак олий даражадаги ташриф, самарали музокаралар ва эришилган муҳим келишувлар икки давлат қардош халқларининг умумий манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Садир Жапаров президентлиги даврида чегара муаммоларининг ҳал этилиши Қирғизистон раҳбарининг кучли сиёсий иродасидан далолат бергани алоҳида таъкидланди.
“Сиз раҳнамолигида Қамбарота ГЭСи, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл линияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш муваффақиятли бошланганидан ҳам хурсандман,” -деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган муносабатлар бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирди.
“Фурсатдан фойдаланиб, сизни ушбу қутлуғ кун билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Қирғизистон халқига тинчлик, фаровонлик ва барқарор тараққиёт тилайман,” – деди Шавкат Мирзиёев табрикномада.