Ўзбекистон Республикасининг яна бир депутати ўз фаолиятини якунлаганини маълум қилди

Тошкент шаҳар Учтепа туман Кенгаши депутати Нуриддин Зайнутдинов депутатлик ваколатларини тарк этганини маълум қилди.

«Дўстимиз, депутат Расул Кушербаев билан боғлиқ вазиятни қоралайман. Қачонгача депутатлар оғзини юмиб, ўз позициясини билдиришларига тўсқинлик қилади?
/> Депутатлар босим остида қолганда ҳамма жим…
Депутатларни қамашмоқчи бўлганларида ҳамма жим…
Депутатлар таъқиб қилинаётган бўлса, ҳамма жим…
Маҳаллий Кенгаш депутатларининг дахлсизлиги бир туман билан чегараланганда ҳамма жим…
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сўзга чиқмаса, ҳамма жим…
Гапирма!
Овозингни ўчир!
Аралашма!
Қачонгача бу ҳақда эшитамиз?!
Депутат нима дейиши мумкин?
Ҳеч нарса мумкин бўлмаса …
Мен Расул Кушербоевни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
2022-йилда менга қайта-қайта тазйиқ ўтказишди, ҳозиргача жиноятчиларга нисбатан чора кўрилмаган. Ҳатто мени таъқиб қилишди, оилам ва қариндошларимга босим ўтказишди…
Мен ҳам маҳаллий кенгаш депутатлигидан кетишга қарор қилдим. Бу қарор вақт масаласи эди», — деб ёзади Нуриддин Зайнутдинов Телеграмдаги каналида.

Фото: Депутат истеъфога чиқишига ўзи ва яқинларига кўрсатилаётган босимлар сабаб бўлганини айтди.

Унинг қайд этишича, бу қарор унга осон бўлмаган.

«Мени қўллаб-қувватлаган халқимизга чексиз ҳурматим бор. Ишончингизни оқлай олмаганим учун минг бор узр сўрайман. Мен буни қилишга мажбур бўлганимдан афсусдаман, бу осон бўлмади «, — дея қўшимча қилди депутат.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 декабр куни Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев депутатликдан воз кечишга мажбур бўлганини айтган эди.

«Депутатлик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Мен бундай ишлай олмайман. Мен буни қилганимдан афсусдаман. Ишонган ва қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат», — деб ёзди у Телеграмдаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Нуриддин Зайнутдинов ва Расул Кушербаев ЎзЛиДеП аъзоси ҳисобланади.