6000 га яқин мансабдор шахслар меҳнат қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилди

Биринчи ярим йил давомида меҳнат қонунчилигини бузган 5 минг 935 нафар мансабдор шахсга нисбатан 12,05 миллиард сўмдан ортиқ жарима ундирилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.

Атига олти ойда Меҳнат вазирлигига меҳнат муносабатларига оид 11,6 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан 6551 таси қаноатлантирилиб, яна 4546 та мурожаат бўйича тушунтиришлар берилди.

Меҳнат инспекциялари томонидан олти ой давомида 14 минг 66 ташкилот ва корхона фаолияти ўрганилиб, меҳнат қонунчилигини бузиш билан боғлиқ 41 минг 150 ҳолат аниқланган.

Бу каби масалалар юзасидан адлия органларига 1000 дан ортиқ даъво аризалари киритилиб, 5 миллиарддан ортиқ ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундирилди.