М-39 трассасида ЙТҲ: Cobalt ва КАМАЗ тўқнашуви оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди.

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Омонқўтон маҳалласи ҳудудидаги М-39 трассасида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

Ургут – Қарши йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина тўсатдан бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши бўлакка ўтиб кетган ва у ерда «КАМАЗ» юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

Фожиали тўқнашув Cobalt ҳайдовчиси ва унинг уч нафар йўловчиси ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси тиббий ёрдам етиб келгунига қадар воқеа жойида вафот этган. ЙТҲдан биргина КАМАЗ ҳайдовчиси омон қолган ва у Ургут туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.