Тошкентда ҳалокатли ЙТҲ: айбдор судя ёрдамчиси

Юнусобод туманида йул-транспорт ҳодисаси юз берди, натижада бир киши ҳалок бўлди.

“Нексия-3” русумли автомашина ҳайдовчиси катта тезликда кетаётиб, йулни кесиб ўтаётган арава билан пиёдани уриб юборди. Воқеа 30 августга ўтар кечаси содир бўлган.

Маълум бўлишича, ЙТҲ натижасида пиёда бир неча метр узоққа улоқтирилган, у боши билан бетон панжарага урилган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.

Ҳайдовчи Тошкент шаҳар маъмурий суди судяси катта ёрдамчиси бўлган.

Ўлим билан якунланган йул-транспорт ҳодисалари ҳақида одатда Тошкент шаҳар ИИБга хабар қилинади, бироқ сайт ёки бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу ЙТҲ ҳақида ҳеч қандай маълумот йуқ.