Ўзбекистон Республикасида Яккасарой туманига чақирув билан келган фелдшер аёл калтакланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 12-октабр куни соат 16:27 да «103» хизматига Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи фуқаролардан қўнғироқ келиб тушган.
Кўрсатилган манзилга етиб келган тез ёрдам бригадаси беморнинг аҳволи оғирлиги сабабли уни касалхонага ётқизишга қарор қилди. Беморни ташиш вақтида унинг ўғли бригада ходимлари билан жанжаллашиб, фелдшернинг кўкрагига урган.
Таъкидланишича, воқеа содир бўлганига қарамай, тез ёрдам машинаси беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етказган.
Шундан сўнг фелдшер кўкрак қафаси жароҳати билан ушбу марказнинг жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Ҳозирда аёл реанимация бўлимида, аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси назорати остида терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда.