Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Сурияда террорчилар сафига қўшилишни режалаштирган бир гуруҳ ўзбекистонликларни қўлга олди.
Тошкентда “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” террорчилик ташкилотининг 30 нафар тарафдори қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИБ.
Қўлга олинганлар жамоавий йиғилишлар ўтказиб, келажакда Сурияда фаолият юритаётган террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган. Уларнинг бир қисми Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкентга ишлаш учун келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2013-йилда ташкил этилган “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” (KTJ) Марказий Осиёдан келган, аксарияти Ўзбекистон фуқаролари бўлган жангариларнинг кенг тармоғидир. Ташкилотнинг бир қанча ўқув лагерлари ва тарғибот мактаблари дунёнинг турли бурчакларида жойлашган. Ташкилот жангчилари ал-Қоида жиҳодчилик моделига амал қилади.
МДҲда ташкилот 2017-йилда Санкт-Петербург метросидаги хуружлардан сўнг машҳурликка эришди, унинг асосий айбдори “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” билан алоқаси бўлган худкуш-террорчи Акбаржон Жалилов эди. KTJ ҳаракатлари аввалроқ Суриянинг Алеппо ва Идлиб вилоятларида қайд этилган, гуруҳ ҳужумларининг аксарият қисмини Яқин Шарқда амалга оширган.
Россия метросидаги портлашдан ташқари, “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” гуруҳи аъзолари Стокголмда юк машинаси оломон устига бориб борганида теракт содир этган. Бу Санкт-Петербургдаги воқеалардан тўрт кун ўтиб содир бўлди. Ўзбекистон фуқароси Швецияда террорчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топилди.
Олий суднинг 2016-йил 26-сентабрдаги қарори билан ушбу ташкилотнинг мамлакатимиз ҳудудида фаолияти тақиқланган.