Ниқоб режими: ўзбеклар нима кутиш керак

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланганлар сони ортиб бормоқда, инфекция тарқалиш географияси кенгаймоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда «яширин омикрон» топилгани маълум бўлди. Мутахассислар «яширин омикрон» ни пандемия тарихидаги энг юқумли штамм деб аташган.

Куни кеча Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати Эпидемиологик мониторинг ва профилактика чора-тадбирлари бошқармаси бошлиғи Рустам Икромов Ўзбекистонга ниқоб режими қайтариладими ёки йўқлигини маълум қилди.

«Статистикага кўра, касалланиш сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Коронавирус пандемиясига қарши чора-тадбирларни давом эттириш ва мутацияга учраган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирча жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш мажбурияти бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинмаган, бироқ соғлик ва хавфсизлик учун тиббий ниқоб тақишни тавсия қиламиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда коронавируснинг омикрон штамми тарқалмоқда.

Аввалроқ Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков ўзбекистонликлар қайси ҳудудларда COVID-19 нинг турли штаммлари билан касаллангани ҳақида маълум қилганди.