Индонезияда Мерапи тоғининг отилиши оқибатида 11 алпинист ҳалок бўлди, яна 12 киши бедарак йўқолди. Ҳодиса 3-декабрь, якшанба куни, вулқон кратери оқ ва кулранг кул отилиб, қўшни қишлоқларни қамраб олган пайтда юз берди.
Ғарбий Суматра провинциясида қутқарув операцияси давом этмоқда, вулқонга борадиган иккита йўл ёпилган. Тоғ ёнбағирларида яшовчи аҳолига лава отилиши эҳтимоли борлиги сабабли кратер оғзидан 3 км узоқликда бўлиш тавсия қилинган.
Вулқонда бўлган 75 нафар алпинистни топиш учун қидирув-қутқарув операциясига 160 дан ортиқ киши, жумладан полиция ва аскарлар жалб қилинган. 26 киши эвакуация қилинмади, улардан 14 нафари топилди, фақат учтаси тирик қолди. 11 киши ҳалок бўлди, 12 нафари ҳамон бедарак йўқолган.
Саккиз нафари куйиш жароҳати олган қутқарилган фуқаролар шифохонага етказилган, улардан бирининг аъзоси синганлиги сабабли тиббий ёрдам талаб қилинган.
3000 метрдан кўпроқ баландликка кўтарилган куллар бир нечта қишлоқларни қамраб олган, кейин эса қуёш нурини тўсиб қўйган. Одамларга ниқоблар берилди ва вулқон кулининг таъсирини олдини олиш учун ҳимоя кўзойнак тақиш тавсия қилинди.
Мерапи тоғи Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан биридир. У Ява оролида, Ёгякарта шаҳри яқинида жойлашган. Вулқон охирги марта 2010 йилда отилиб, 350 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган.