Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қайроққум сув омборининг очилишини тасдиқламади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида айтилган.
Сирдарё вилояти маъмурияти 14-январ куни Қайроққум сув омборига тегишли сохта хабарлар ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳам расмий баёнот тарқатди.
Вилоят маъмурияти матбуот хизмати ушбу хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқалтин туманларида ваҳима қўзғаганлиги ва баъзи одамлар шошилиб уйларидан чиқишни бошлагани ҳақида хабар берди.
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати, шунингдек, Баҳри Тожик сув омборининг (Қайроққум) очилиши натижасида сув тошқини бўлганлиги ҳақидаги хабарларни асоссиз деб таъкидлади.
Баҳри-Тожик сув омборидаги ГЭС директори Файзулла Азизовнинг сўзларига кўра, сув омбори билан боғлиқ муаммолар йуқ, барча иншоотлар яхши ҳолатда. “ГЭС агрегатлари нормал режимда ишламоқда.
Барча объектларнинг хавфсизлиги назорат остида. Сув омбори ҳудудида яшовчилар ваҳима ичида ва хавфсиз жойларга кўчиб кетаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиздир”, — дейилади хабарда.
Айни пайтда Қайроққум сув омборидаги сув ҳажми 3,4 миллиард кубометрни ташкил этади. Сув омборига сув тўлиши 892 м³/сек, сув чиқиши 880 м³/сек. Сўнгги ўн кун ичида сув омборидаги сувни йиғиш ва тўкишда кескин ўзгаришлар кузатилмади.
Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, диспетчерлик хизмати вазирликда кеча-кундуз ишлайди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги барча йирик сув ҳавзаларининг хавфсиз ишлаши мониторинги яна бир бор амалга оширилди. «Ўзбекистон ва қўшни Тожикистон ҳукумати Баҳри Тожик сув омбори бўйича доимий алоқада, шунингдек Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзгидромет маркази билан, сув омбори иши ҳар соатда кузатиб борилмоқда», — деди вазирлик ва фуқароларни бундай ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва тинчликни сақлашга чақирди.