Европа Иттифоқи мамлакатлари Россия нефтига нарх чегарасини жорий этиш бўйича келиша олмади. Бу масалани муҳокама қилиш кенгроқ санкциялар пакети келишиб олинмагунча қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда 26-сентабр, душанба куни ўз манбаларига таяниб, Bloomberg хабар бермоқда.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасидан Кипр ва Венгрия Россия нефтига чекловлар жорий этиш таклифига рози бўлмади.
Газета қайд этишича, Россия нефтини қувур орқали олаётган Венгрия, Словакия ва Чехия Россиядан энергия нархига чеклов жорий қилинганидан кейин ҳам ўз таъминоти сақланиб қолишига ишонч ҳосил қилишни истайди.
Манбаларнинг қайд этишича, Россия нефтини ташувчи давлатлар — Греция, Кипр ва Малта ўз таъминотини Европа Иттифоқининг янги санкцияларидан ҳимоя қилишга уриниши мумкин.
Еврокомиссия ҳафта охирида Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари билан учрашиб, Кремлнинг ҳаракатларига жавобан Россияга қарши чекловчи чоралар пакети бўйича муроса топишга ҳаракат қилди.
6 октабр куни Прагада бўлиб ўтадиган ЕИ вазирларининг норасмий учрашуви олдидан аъзо давлатлар Россия Федерациясига қарши янги санкциялар пакети бўйича дастлабки келишувларга эришиши керак.
Европа Иттифоқининг янги санкциялари 5-декабргача, яъни ЕИнинг олдинги чоралари кучга киргандан кейин кучга кириши керак.