2022-йил 1-октабрдан бошлаб ёшлар нодавлат таълим ташкилотларининг ахборот технологиялари йўналишидаги курсларида ўқиш учун таълим кредити олишлари мумкин бўлади.
Таълим кредитлари ажратиш тизимини кенгайтириш Президентнинг 12 августдаги «Замонавий билим ва касбларни ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги.
Шу билан бирга, таълим кредитлари Марказий банкнинг асосий ставкаси бўлган 15 фоиз бўлиб, 65 ЭКИХгача бўлган миқдорда, бир йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга ажратилади.
«Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри»га киритилган оила фарзандлари ахборот технологиялари йўналишида ўқиш учун таълим кредити олишда гаров ва кафолат талаб этилмаслиги аниқланди.
Бундан ташқари, 2022-йил 1-ноябрдан бошлаб ёшларга компютер харид қилиш учун 25 ЭКИХдан (7,5 миллион сўмгача) истеъмол кредити ажратилади. Бундай кредитни олиш учун IT-парклар резидентлари бўлган ташкилотларнинг ўқув курсларида ўқиш ёки охирги 6 ой давомида ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаш талаб этилади.
Истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларининг бир қисми (Марказий банкнинг асосий ставкасининг 1,5 баробаригача) Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади.