Жорий йилда Ўзбекистонда 350 минг деҳқон хўжалиги ташкил этилади

Ўтган йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ишсиз фуқароларга деҳқон хўжалиги учун суғориладиган ерлар ажратиш бўйича топшириқ берган эди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова маълум қилди.

Ўтган йили қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун аҳолига 100 минг гектар суғориладиган екин майдонлари ажратилиб, қўшимча 1,5 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди.

2023-йилда аҳолига 100 минг гектар суғориладиган экин майдонларини қўшимча равишда ажратиш ҳисобига 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этиш режалаштирилган.

Депутат давлатимиз раҳбари томонидан олти йил аввал бошланган сувни тежаш, аниқ ҳисоб-китоб қилиш, самарали бошқарув, қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасидаги ислоҳотларга тўхталди.

Таҳлилий маълумотларга кўра, республикадаги ички суғориш тармоқларининг 77 фоизи ёки 119,5 минг километри ер каналлари, 44 фоизи ёки 68,3 минг километри таъмирлаш ва тиклашга, 10 фоизи ёки 15,5 минг километри реконструкцияга муҳтож.

Натижада суғориш тизими ва суғориш тармоқларининг самарадорлиги паст, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда. Шунинг учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан тушадиган маблағларни кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.

2023-йилда сув солиғидан тушадиган маблағларнинг бир қисми мавжуд муаммоларни бартараф этишга ва сув йўқотилишининг олдини олишга хизмат қилади.