Британия компанияси Наманганда оқова сувларни тозалаш иншоотини қуради

Британия компанияси Наманганда оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш бўйича 90 миллион долларлик тендерда ғолиб чиқди.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда, дея хабар беради Молия вазирлиги.

Тендер икки босқичда ўтказилди. Биринчисида лойиҳага қизиқиш билдирган 23 та хорижий компанияга олдиндан малакавий ҳужжатларни (RFQ) тақдим этиш бўйича сўров юборилди. Иккинчи босқичга Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси ва Нидерландиянинг Almar Water Solutions BV консорциуми киришди.

20-декабр куни идоралараро тендер комиссияси Metito Utilities Limited компаниясини халқаро тендер ғолиби деб тан олди, у мавжудлик тўлови (хусусий шерикга давлат тўловлари) учун энг паст нархни таклиф қилди — йилига 9 миллион доллар.

Лойиҳанинг умумий қиймати 90 миллион долларни ташкил этади. Амалга ошириш муддати 25 йил, шундан дастлабки 2 йил қурилиш даври ҳисобланади. Лойиҳада кунига 100 минг м3 қувватга эга оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва 7,5 км узунликдаги канализация тармоғини яратиш кўзда тутилган.