Энергетиклар техникаларни мавсумга тайёрлаш ҳақида гапирди

10-октабр, душанба куни брифинг бўлиб ўтди, унда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбека Ўринова иштирок этди.

Бу ҳақда АИМК матбуот хизмати хабар берди.

Брифингда магистрал электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, 10 та трансформатор, 66 та калит (қуввати 110 дан 500 киловолтгача), 14 дона компрессор агрегати ҳамда 110-220-500 киловолт қувватга эга, узунлиги 810,23 километр бўлган электр узатиш линиялари таъмирлангани айтилди.

Бундан ташқари, яна 267 та трансформатор, 1520 та ўчиргич, 22 та ҳаво компрессорлари ҳамда 4307,6 км электр узатиш линиялари таъмирланди.

Жорий йил охирига қадар компания подстансияларда электр энергиясини узатиш қувватини жами 1678 мегаволтамперга етказишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, компанияда 65 та навбатчи бригада тузилгани, улар кечаю кундуз фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлиги хабар қилинган. Бундан ташқари, бригадалар ихтиёрида 314 та тайёр техника мавжуд.

Энергетикларнинг маълум қилишича, мутахассислар прогнозларига кўра, куз-қиш мавсумида республика аҳолиси кунига 265-270 миллион киловатт/соатдан кўп бўлмаган энергия истеъмол қилади.