Наманган аэропорти туман сабаб яна ишини тўхтатди

Наманган халқаро аэропорти иши зич туман туфайли тўхташда давом этмоқда.

Бугунги кунда ҳаво бандаргоҳи ҳудудида кўриш 100 метр билан чекланган.

Натижада рейсларни қабул қилиш ва жўнатиш яна тўхтатилди. «Uzbekistan Airways» Миллий авиакомпаниясининг HY074/073 (Бухоро-Наманган-Бухоро) рейси бекор қилинди, HY9826/9823 (Сочи-Наманган-Красноярск) ва HY9824/9857 (Красноярск-Наманган-Уфа) рейслари ўзгартирилди.

S7 авиакомпаниясининг Новосибирск-Наманган-Новосибирск йўналишидаги SBI5567/5568 рейси ҳам бекор қилинди. У «Тошкент» халқаро аэропортидан амалга оширилади.

Uzbekistan Airports авиаташувчилар билан парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритишни тавсия қилди.