Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан топилган “Улуғбек хазинаси” ҳақида маълумот пайдо бўлди. Прокуратура бу маълумотга ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2-март куни Сариосиё тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёси қирғоғида аҳоли мис тангаларни топди.
3-март куни Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Термиз археология музейи вакиллари туман аҳолисидан 512 дона мис тангаларни белгиланган тартибда қабул қилиб, Термиз археология музейи фондига топширилди.
Ўрганиш давомида прокуратура ва соҳа вакилларига қўшимча равишда 620 дона мис танга ва 1 дона шахмат донаси топширилиб, улар ҳам музей фондига топширилди. Бундан ташқари, вилоят прокуратураси, маданий мерос бошқармаси ва археология музейи ходимларидан иборат махсус экспедиция ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ушбу жойда қазиш ишлари олиб борилмоқда.
9 март куни экспедиция аъзолари яна 4 та мис танга топдилар. Археологларнинг дастлабки хулосасига кўра, бу тангалар Мирзо Улуғбек даврида (XV аср) зарб қилинган бўлиб, бугунги кунгача топилган маданий мероснинг энг йирик ва энг яхши сақланиб қолган намунаси ҳисобланади.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, айни пайтда мазкур ҳудудда тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилиб, департамент назорати остида олиб борилмоқда.