Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги бир нечта шифохона ва туғруқхоналар учун дизель генераторлари харид қилди.
Генераторлар 18-январга қадар давом этадиган ғайритабиий совуқ даврида шифохоналарни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида харид қилинди, деб хабар қилди ҳокимлик матбуот хизмати. Ускуналар 1 ва 6-туғруқ мажмуалари, шаҳар болалар фтизиатрия шифохонаси, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази филиали, 2-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасига ўрнатилди.
Тошкент шаҳар коммунал хизматлари ҳам ғайритабиий совуқ об-ҳаво шароитида ишлашга ҳозирлик кўрмоқда. Бош ободонлаштириш бошқармаси ходимлари қўшимча воситалар билан таъминланган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев номидан уларга 7000 қўлқоп ва 3000 термос топширилди.
Шу кунларда навбатчилик қиладиган туман ободонлаштириш бўлимлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари иссиқ чой ва овқат билан таъминланади.