Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Туркиядаги қутқарувчилари зилзила натижасида қулаган бинолар вайроналари остидан тўққиз кишини олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Жароҳатланганларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. 12 кишининг жасади ҳам топилган.
Туркияда 8-февраль куни эрталаб соат 8:00 ҳолатига кўра, вайронкор зилзилалар содир бўлган ҳудудда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари тўққиз кишини – беш эркак ва тўрт аёлни қутқариб олди, дея хабар беради «Янгиликлар 24» кўрсатуви.
Қутқарилганлар турли даражадаги тан жароҳатлари олган, уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, вайроналар остидан 12 кишининг жасади топилган.
Ҳаммаси бўлиб ўзбекистонлик қутқарувчилар 132 квадрат метр майдонни 430 куб метр вайрон бўлган биноларнинг вайроналаридан тозалашга муваффақ бўлишди.
Қидирув-қутқарув ишлари кечаю кундуз давом этмоқда, дейилади хабарда.
6-февралдаги зилзила қурбонлари сони 6234 кишига етди, дея хабар бермоқда Anadolu агентлиги Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёрдам департаментига таяниб.