Ўзбекистон Республикаси пойтахтида камондан отиш бўйича халқаро турнир бошланди

Пойтахтимиздаги олимпия ва паралимпия Спорт турлари бўйича республика ўқув марказида камондан отиш бўйича «Алпомиш ва Барчина» халқаро мусобақалари бошланди.

Бугун, 23 август куни кетма-кет иккинчи маротаба ўтказилаётган турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати.

Тадбирда спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрилло Махмудов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий гвардия ҳамда камондан отиш федерацияси вакиллари иштирок этди.

Спорт байрамида сўзга чиққан мутасаддилар спортнинг ушбу тури бўйича эришилаётган юксак марралар, шунингдек, ушбу йўналишнинг оммавийлиги географиясининг кенгаяётгани давлатимиз томонидан камондан отишни ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилаётган эътибор самарасида эканини таъкидладилар.

Бу йил ҳамюртларимиздан ташқари Қозоғистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қирғизистондан 100 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Бугундан бошлаб мусобақанинг саралаш босқичига старт берилди. 26 август куни барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.