Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дархан Сатибалди икки давлат чегарасининг ёпилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Мен Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси номидан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасининг ёпилиши ҳақидаги сохта хабарларни рад этмоқчиман. Назорат пунктлари одатдагидек ишлаган ва ишламоқда. Ҳаво қатнови тикланмоқда”, деди у матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистонда вазият барқарорлашган.
“Мамлакат хавфсизлигига таҳдидларнинг олди олинди. Антитеррор операцияси доирасида жиноятларга алоқадор шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин келажакда, дастлабки тергов якунлангандан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистонга қарши террористик тажовузнинг қўшимча далилларини тақдим этади», деди у.
Дипломат, шунингдек, Ўзбекистон раҳбариятига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
“6 январ куни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, унда Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва раҳбариятини мамлакатда барқарорликни таъминлаш йулидаги саъй-ҳаракатларида чексиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади”, — дея хулоса қилди Дархон Сатибалди.