Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12-14 октябр кунлари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда МДХга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлислари тадбирларида иштирок этиш учун Остонага ташриф буюради.
Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
13-октабр куни бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити, юқори даражадаги халқаро форум доирасида Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
МДХ давлатлари раҳбарларининг 14-октабрга белгиланган учрашуви кун тартибида кўп томонлама шерикликнинг энг муҳим жиҳатлари ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Бўлажак тадбирларда ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, самарали транспорт коммуникацияларини йўлга қўйиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, саммит доирасида Ўзбекистон Президенти ва ҳамкор давлатлар делегациялари раҳбарлари ўртасида қатор икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама музокаралар ўтказилади.