Туркманистон президенти шу ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюради

Сердар Бердимуҳамедовнинг мамлакатга ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказиш, икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 14—15-июл кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Асосий йуналишлар бўйича амалий ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини йулга қўйиш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, сув хўжалиги соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, минтақалараро алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, амалий ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилади.

Давлат раҳбарлари халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиши, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилиши кўзда тутилган. Ташриф якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиш ва икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.

Олий Мажлисда учрашув ўтказиш, Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш ҳам олий мартабали меҳмоннинг ташриф дастуридан ўрин олган.