Навоийга Финляндия ўқитувчилари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш учун етиб келди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Финляндия таълим соҳасида энг ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Навоий вилояти ҳокимлиги ва Финляндия ҳукумати ўртасида мемарандум имзоланиб, унга кўра 2 нафар тажрибали мураббий-ўқитувчилар Hanny Koli ва Petru Louna Skorpi Навоийга юборилди. Hanny Koli таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 25 йиллик тажрибага эга эксперт, Petru Louna Skorpi эса 20 дан ортиқ мамлакатларда К12 Олий таълим бўлимининг ўқитиш хизматларида тренер сифатида тажрибага эга.
Бугундан бошлаб вилоят ўқитувчилари малакасини оширишга киришдилар. Курс 5 кун давом этади. 20 минг нафар ўқитувчидан 50 нафари малака ошириш учун танлаб олинди.
Дарслар Навоий давлат педагогика институти ахборот-ресурс марказида олиб борилади. Муассаса мажлислар залида мазкур машғулот учун барча шароит яратилган.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳамкорлик, албатта, ижобий натижа беради, таълим жараёнининг халқаро тажрибасини тўлиқ ўзлаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.