Давлатлар Ўзбекистонни янги савдо йўлларини йўлга қўйишда қўллаб-қувватлашга тайёр

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикасини импорт ва экспорт бозорларини диверсификация қилиш, шунингдек, аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришда қўллаб-қувватлашга тайёр.

Бу ҳақда Стратегик шериклик бўйича иккинчи мулоқот якунлари бўйича қўшма баёнотда айтилади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 13 декабр куни Вашингтонда йиллик Стратегик шериклик мулоқотини ўтказди. Унинг натижалари бўйича АҚШ Давлат департаменти қўшма баёнот берди.

Дональд Лу Қўшма Штатлар номидан Ўзбекистонга C5+1 дипломатик форматидаги асосий иштироки учун миннатдорлик билдирди ва ушбу формат «муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ҳамда янада фаровон ва хавфсиз Марказий Осиёни яратиш» учун муҳимлигини таъкидлади.

Ҳукумат вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотлар кун тартибини ҳам муҳокама қилдилар ва АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси яна бир бор қўллаб-қувватлади ва АҚШ ҳукумати ислоҳотларни, жумладан, иқтисодиёт, таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни илгари суришда ёрдам бераётганини таъкидлади.

Делегациялар икки мамлакатда савдо ва сармоявий шерикликни ривожлантириш ва ишбилармонлик фаоллиги учун қулай муҳитни сақлаб қолиш қатъиятини қайд этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари вакиллари оммавий ахборот воситалари эркинлиги, журналистларни ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Томонлар Афғонистон бўйича саъй-ҳаракатларни ҳам муҳокама қилдилар, АҚШ Ўзбекистонга гуманитар ёрдам кўрсатишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.

Делегациялар чегара назорати ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, наркотик ва терроризмга қарши кураш каби асосий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш масаласини кўтарди. Дональд Лу Ўзбекистон минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканини таъкидлади.

Фото: Стратегик шериклик бўйича иккинчи мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси республикада иқтисодий имкониятларнинг ўсишини муҳокама қилди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг янги савдо йўлларини очиш ва импорт ва экспорт бозорларини диверсификация қилиш, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш, эмиссияларни камайтириш бўйича глобал мажбуриятини ва иқлим инқирозига қарши курашиш бўйича бошқа саъй-ҳаракатларини ҳамда мамлакатнинг иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш, жумладан,аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга содиқлигини олқишлади. Қўшма Штатлар бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди, дейилади баёнотда.

Дональд Лу, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ўзбекистонда «Тинчлик корпуси» дастурини қайта тиклашдан манфаатдорлигини юқори баҳолади. Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари оғир касалликлар таҳдидига қарши курашиш ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича муваффақиятли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари Стратегик шериклик мулоқоти «ўзаро чуқур манфаатдор масалалар бўйича умумий тилларни излашда» муҳимлигини тасдиқлади. Владимир Норов ва Дональт Лу уни 2023 йилда яна ўтказишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти «икки томонлама муносабатларнинг ажралмас қисми бўлган кенг кўламли масалалар ва умумий устуворликларни» муҳокама қилиш учун 2021-йилда очилган еди.

Аввалроқ, 12 декабр куни Владимир Норов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ҳам учрашган эди. Давлат департаменти хабарига кўра, томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Украина ва Афғонистон халқларини қўллаб-қувватлаш ҳамда «Марказий Осиёдаги ўзгарувчан геосиёсий манзара шароитида» шериклик масалаларини муҳокама қилган.

«Давлат котиби, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йилги тартибсизликларда айбланаётган шахсларга нисбатан тўлиқ ва ошкора тергов ва адолатли суд муҳокамаси муҳимлигини таъкидлади», — дейилади хабарда. Аввалроқ АҚШ Нукус воқеалари иштирокчилари устидан суд жараёни бошланишидаёқ шундай чақириқ билан чиққан эди.

Энтони Блинкен Ўзбекистонда эълон қилинган ислоҳотларни олқишлаб, ҳукуматни уларни, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш ва гендер асосидаги зўравонликка қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни тўлиқ амалга оширишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби, шунингдек, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиш ва Марказий Осиёда фаровонлик, хавфсизлик ва демократияни таъминлашга ҳисса қўшиш истагини яна бир бор тасдиқлади.