20 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Парламент матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисини жорий йил 28-май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Видеоконференсалоқа шаклида ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилади.
Улар орасида қуйидаги қонунлар мавжуд:
- «Давлат давлат хизмати тўғрисида»;
-
«Давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация тўлаган ҳолда олиб қўйиш тартиблари тўғрисида»;
-
«Ер муносабатларида тенглик ва ошкораликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор мулкига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги;
-
«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида».
Сенаторлар, шунингдек, Қорақалпоғистонда қуёш ва шамол энергиясидан иқтисодиёт тармоқларида, ижтимоий соҳа объектлари ва турар-жой биноларида фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган депутатлик сўрови якунларини ҳам кўриб чиқадилар.
Бундан ташқари, интернет тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимояланиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган депутатлик сўрови натижалари муҳокама қилинади.
Енгил ва чарм саноат корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган депутатлик сўрови натижаларини кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Ялпи мажлисда сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитасининг 2021-йил ва 2022-йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитишни режалаштирмоқда.