Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон ва Германия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 18-раунди бўлиб ўтди.
Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича комиссари Маттиас Луттенберг бошчилик қилди.
Тадбирда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий алоқаларни кенгайтириш ва уларни амалий мазмун билан тўлдириш масалалари, турли даражадаги бўлажак мулоқотлар жадвали атрофлича муҳокама қилинди.
Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, жумладан, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга немис сармоялари ва технологияларини жалб этиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Германияга экспортини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар имзоланган икки томонлама ҳужжатларни инвентаризация қилишди, шартномавий-ҳуқуқий базанинг жорий ҳолатини, шунингдек, аввал эришилган келишувларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқдилар. Маданий-гуманитар алоқаларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон билан Германиянинг халқаро ташкилотлар ва молия институтлари орқали ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди. Германия томони “Ўзбекистон-Германия-Европа Иттифоқи” форматида, жумладан, Германия Ташқи ишлар вазирлигининг “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Музокараларда халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.