Қамчиқ довонида ФВВ ходимлари махсус техника ёрдамида аварияга учраган учта автомашинага ёрдам кўрсатди.
Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, биринчи йўл-транспорт ҳодисаси якшанбага ўтар кечаси Тошкент-Ўш халқаро автомобил йўлининг 250-километрида, Қамчиқ довонида содир бўлган. Gentra ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган, натижада йўл четида ариқга тушиб кетган. Воқеа жойига зудлик билан ФВВнинг “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари етиб борган. Машина махсус жиҳозлар ёрдамида олиб чиқилди. Автомобиль ҳайдовчиси жиддий жароҳат олмаган.
Шунингдек, бир неча соатдан кейин йўлнинг ўша қисмида яна иккита ЙТҲ содир бўлди. Аввалига бошқа Gentra, кейин эса Nexia йўл четидаги ариқга тушиб кетган. Иккала ҳолатда ҳам ҳайдовчилар бошқарувни йўқотган. Энг муҳими, бирорта ҳам ҳодиса қурбонлар ва жароҳатларга олиб келмаган. Қутқарувчилар автомашиналарни чиқариб, ҳайдовчиларга амалий ёрдам кўрсатди.